Туркиядаги таниқли дам олиш масканларидан бирида Қозоғистон давлат байроғи туфайли можаро келиб чиқди. Бу ҳақида Today.kz нашри маълум қилди. 

Кемерга ҳордиқ олиш учун ташриф буюрган қозоғистонлик сайёҳлар Баян Муратов ва Дмитрий Комов меҳмонхонага кираверишда қуёш нурида ранги хира тортган Қозоғистон Республикаси байроғини кўриб, маъмуриятга ўз норозиликларини билдиришди. 

Воқеа Туркиядаги Kimeros Park Holiday Village меҳмонхонасида содир бўлган.

6 август куни меҳмонхонага келган ва қуёшда ранги ўчиб кетган байроғини кўрган икки сайёҳнинг жаҳли чиқиб, мемонхона маъмуриятидан уни олиб ташлашни ёки янгисига алмаштиришни талаб қилган. Уч кун ўтса ҳамки, байроқ ўзгартирилмаган.  Яна маъмуриятга киришганида эса, бунга жавобан "меҳмонхонада осилган барча байроқлар бир мавсумда сотиб олинган" деган жавобни эшитишган. Бироқ об-ҳаво шароитлари туфайли уларнинг баъзилари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги айтилган. 

Рўй берган воқеа юзасидан Kemeros Park Holiday Village отелига мурожаат қилган Today.kz нашрига Қозоғистон байроғи билан боғлиқ можаронинг ҳақиқатда содир бўлганлиги тасдиқланди. Меҳмонхона ходимларининг сўзларига кўра, бунга ёз мавсумидаги 50 даражадан ортиқ иссиқ ҳарорат сабаб бўлган. 

"Кемерда Қозоғистон байроғини сотиб олиш осон иш эмас - бу бошқа давлат. Байроқлар дуч келган жойда сотилмайди, ахир. Байроқни буюртма қилиб, бизга етказиб берилгунга қадар вақт талаб қилинади. Одатда бунга икки кун керак бўлади. Бугун буюртма қиламиз, эртага янги байроқни келтириб беришади", - дея маълум қилди меҳмонхонанинг мижозлар билан ишлаш бўлими менежери Екатерина Устинских. Менежер бу воқеани хорижий сайёҳларга нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳоламасликни сўради.