Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Мавлуд Чавушўғли Туркиянинг мудофаа соҳасида Россия билан ҳамкорлик қилишини НАТОга қарши қаратилган, деб баҳоламасликка чақирган. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, НАТОнинг айрим мамлакатлари ҳам мудофаа соҳаси, хусусан ракета технологиялари борасида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади. 

«Туркия ушбу масала бўйича шу кунга қадар фақат НАТО мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиб келган. Бироқ, натижалар бизни қаноатлантирмади. Шу сабабдан, табиийки янги ҳамкорларни қидира бошладик. Аммо, биз буни НАТОга қарши қадам деб ҳисобламаймиз», — деган вазир.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путин билан Санкт-Петербургда учрашгач, Москва билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш нияти борлигини билдирган эди.