Қирғизистон мактабларида бўлғуси меҳнат муҳожирлари даражасини яхшилаш учун юқори синф ўқувчилари учун техник таълим дарсларини киритиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон миграция хизмати раҳбари ўринбосари Алмазбек Асанбаев матбуот-анжуманда айтиб ўтди.

Унинг айтишича, ушбу дастур Қирғизистон таълим ва фан вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда. "Пул топгани хорижга кўпинча мактаб битирувчилари кетиши ҳисобга олинса, улар бирор касбга эга бўлмаганликлари уларга панд беради. Шунинг учун юқори синфлар ўқувчилари ўрганадиган бирор техник мутахассислик бўлиши керак", деб айтди Асанбаев.

У ишлаш учун мисол қилиб Яқин Шарқ давлатларини келтирди. Бу давлатларда кичик тиббий ходимлар етишмайди. "Бизнинг меҳнат муҳожирларимизнинг ярми ёшлар ва улардан 14 фоизи қизлар эканлигини ҳисобга олиб, биз қизлар бундай давлатларда ҳамшира бўлиб ишлай олишлари учун уларни ҳамширалик ишига ўқитишни таклиф қилмоқдамиз. У ерда ҳамшираларнинг ойлиги 1500-2000 долларни ташкил қилади. Шифокорлар каби билимли, маданиятли одамлар орасида ишлаш идиш-товоқ ювишдан анча яхшироқдир", деб айтди Асанбаев. 

Асанбаев вазирлик меҳнат муҳожирларини Қирғизистондан ишга бундай жўнатиш йўналиши ривожлантирилаётганини айтди. "Бу ишчи кучининг маркетинги деб аталади ва биз унинг ёрдамида нафақат анъанавий Россия, Қозоғистон билан, балки Япония, Туркия, Жанубий Корея, Яқин Шарқ давлатлари – Баҳрайн, Қатар, БАА билан ишламоқчимиз", деб ўз сўзларини якунлади Асанбаев.