Нью-Йоркдаги масжидлардан бирининг имоми шаҳарнинг Квинс туманида отиб кетилди. Имом билан бирга бўлган таниши ҳам ҳалок бўлган. Бу ҳақда The New York Post нашри хабар бермоқда.

Воқеа Озон-Парк ҳудудида юз берди. Имом ва унинг таниши "Ал-Фуркан" масжидидан ибодатдан кейин уйларига қайтишаётганда уларга ҳужум уюштирилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятчи қурбонларнинг бошига ўқ узган. Имом воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг ҳамроҳи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган. Кейинроқ эркакнинг жони узилгани маълум қилинган.  

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, у аввал иккита, кейин яна битта ўқ овозини эшитган, сўнгра кўчадан тўппонча билан югуриб кетаётган одамни кўрган. Гувоҳларнинг фикрича, қотил имом ва унинг ҳамроҳига атайлаб суиқасд уюштирган.

Қотилни жиноятга ундаган сабаблар номаълум. Полиция жиноятчи озодликда юрганини ва қотиллик айнан диний сабабларга кўра амалга оширилгани борасида исботлар йўқлигини айтган.