Тожикистон ТИВ ойлик маоши 80 долларни ташкил этувчи қатор мутахассисликлар бўйича танлов эълон қилди, деб хабар қилмоқда «Азия плюс».

Номзодлар учта тилни: тожик, рус тиллари ва инглиз, немис, хитой, француз ёки араб тилларидан бирини мукаммал эгаллаган бўлиши шарт. Бундан ташқари, улар олий маълумотли ҳамда таҳлилий ҳужжатларни тузиш салоҳиятига эга бўлиши лозим. 

Осиё ва Африка қитъаси, МДҲ мамлакатлари бўйича,  кадрлар ва махсус ахборот, ташқи иқтисодий ҳамкорлик, давлат протоколлари ва шартнома-ҳуқуқ лавозимларида бўш иш ўринлари мавжудлиги айтилмоқда. Шу билан бирга, чегара ва ҳудудий масалаларни ҳал қилиш бўйича мутахассисларга ҳам талаб мавжуд. 

Нашрнинг қайд этишича, юқорида таъкидланганлардан ташқари, номзодлар қандайдир «қўшимча профессионал малакалар»га эга бўлиши, «мамлакатнинг ҳозирги иқтисодий ҳолатини билиши, халқаро ва минтақавий иқтисодий жараёнларни яхши англаши» ҳамда «давлатнинг стратегик мақсадларидан хабардор» бўлмоғи лозим.

«Азия плюс»га кўра, бугунги кунда Тожикистондаги энг кам иш ҳақи 400 сомонийни (50 доллар атрофида) ташкил этади.