Бугун 69 кг вазн тоифасида Олимпиадада иштирок этаётган Ўзбекистон вакили Шаҳрам Ғиёсов турнир олтин медалини қўлга киритиш учун финал жангида майдонга чиқади. Унда Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Ҳасанбой Дўстматовдан кейин Ўзбекистон делегациясига Олимпиадада олтин медаль тақдим этган учинчи спортчига айланиб олиш имконияти бор.

Ушбу финал жангида 23 ёшли ўзбекистонлик боксчига қозоғистонлик Данияр Елуссинов рақиблик қилади. Жанг Тошкент вақти билан 18 август куни кириб келган вақт, соат 00:30 — 00:40 оралиғида бўлиб ўтиши белгиланган.

Елуссинов 1991 йилнинг 13 мартида туғилган. 
Эришган ютуқлари:
Жаҳон чемпионатида: 2013 йили олтин медаль, 2015 йили кумуш медаль;
Осиё ўйинларида: 2010 ва 2014 йилларда олтин медаль;
Осиё чемпионатида: 2013 ва 2015 йилларда олтин медаль;

Қайд этиш керакки, Елуссинов ўтган йили Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида финалгача етиб борган ва финалда марокашлик Муҳаммад Раббига имкониятни бой бериб қўйган.

У Рио-2016 доирасида буюк британиялик Келли Жошни, кейин венесуэлалик Габриэл Маестрени, ярим финалда эса франциялик Сулаймон Сиссокони мағлуб этди.

Ғиёсов финал йўлида аввалига Олимпиада, кейин эса Жаҳон чемпионини мағлуб этди. Нимчорак финалда испаниялик Ндиайе Сиссоко тўсиғидан осонлик билан ўтган Шаҳрам чорак финалда олимпия ўйинларининг олтин медалларини қўлга киритган кубалик Ронел Иглесиасни ҳар учала раундда ҳам мағлуб этиб, энг камида бронза медали масаласини ҳал қилиб қўйганди. Ярим финалда эса ўтган йили Елуссиновни енгиб, жаҳон чемпиони бўлган марокашлик Муҳаммади Раббидан 3 раундда ҳам устун келди.