АҚШнинг Аризона штатида яшовчи киши ҳар сафар қорни очганида озиқ-овқат дўконига қатнаб, 150 килограммга озди. Бу ҳақида New York Post газетаси маълум қилди. 

"Кунига уч марта Walmart универсамига қатнасанг, 9.7 килограмм йўқотасан. Бу ажойиб, мен илгари ҳеч ҳам бундай масофани босиб ўтмагандим", - дея тан олади у. 

Паскуале шифокорлар унга қон босими ва холестерин миқдори билан боғлиқ хавфли ташхис қўйишганидан сўнг озиш ҳақида ўйлай бошлади. "Қорним тиззамга тушиб турарди, кўкрагим эса - қорнимга. Мен ўзимдан нафратланар эдим", - дея хотирлайди у. 

Шундан сўнг у зарарли егуликлардан воз кечиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга ўтади. Паскуале ҳар сафар қорни очганида яқин орадаги дўконга маҳсулотлар харид қилгани пиёда қатнай бошлади. Дўконда тайёр таомлар расталари ёнидан ўтиб кетиб, мевалар, сабзавотлар ва дон маҳсулотлари сотиб оладиган бўлди. 

Илк икки йил ичида Паскуале 90,7 килограммга озди. Бундай ютуқ унга спорт залида машқ қилиш имконини тақдим этди. "Вазним 294,8 килограмм бўлганида мен спорт билан шуғуллана олмасдим, чунки бундай вазн билан тренажёрларга сиғишим амри маҳол эди", - дейди у. Дўконга қатнаш ва жисмоний машқлар мўъжиза яратди. Аризонада яшовчи америкалик учинчи йили 149,7 килограммга озишга муваффақ бўлди. 

"Энди ўғлимга ибрат бўла олишим мумкинлигини тушунаяпман. У менга ўхшаб семиз Пэтга айланиши керак эмас", - деди Паскуале.