АҚШнинг 42-президенти Уильям (Билл) Жефферсон Блайт III (Клинтон) 1946 йилнинг 19 август куни Ҳоуп (Арканзас штати, АҚШ) шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси  ўғлининг туғилишига бир неча ой қолганда автоҳалокатда ҳалок бўлган. Билл 4 ёшга кирганида унинг онаси Рожер Клинтонга турмушга чиққан. Бунинг натижасида Билл унинг фамилиясини олган. 

Клинтон мактабда яхши ўқиган, ўқувчилик йилларида у саксафон чалган ва жаз-бэнд гуруҳини бошқарган.

Мактабни тугатгач, Жоржтаун университетига ўқишга кирган ва 1968 йилда халқаро муносабатлар мутахассислиги бўйича бакалавр босқичини тугаллаган. 

1968 йилда Клинтон Оксфорд университетида Родс номидаги стипендия совриндорига айланади. АҚШга қайтгач, у Йель университетининг ҳуқуқшунослик бўлимида таҳсил олади ва 1973 йилда уни муваффақиятли якунлайди.

Йелда Билл бўлажак турмуш ўртоғи Ҳиллари Родэм билан танишиб қолади. 

Университетни тугатгач, Клинтон Арканзасга қайтади ва 1976 йилга қадар Арканзас университетининг ҳуқуқшунослик мактабида сабоқ беради. 

1974 йилда у Арканзас штатидан демократлар вакили сифатида конгрессменликка ўз номзодини қўяди, лекин муваффақиятсизликка учрайди. 

1975 йилда Билл Клинтон Ҳилларига уйланади. 1980 йилнинг февралида Билл ва Ҳиллари Клинтонлар оиласида қиз фарзанд дунёга келади, унга Челси деб исм қўйишади. 

1976 йилда Клинтон Арканзас штатининг бош прокурори лавозимига тайинланади. 

1978 йилда у штат губернаторлиги сайловларида ғолиб бўлади ва АҚШнинг энг ёш губернатори, дея эътироф этилади. 

1980 йилда Билл навбатдаги губернаторлик сайловларида мағлуб бўлади. У Little Rock юридик фирмасида фаолият олиб боради. 

1982 йилда Клинтон яна бир бор Арканзас губернаторлиги учун сайловларда иштирок этади ва унда ғалаба қозониб, 1992 йилга қадар шу лавозимда хизмат қилади. 

У губернаторлик фаолияти давомида таълим тизимини ислоҳ қилди, солиқ имтиёзларини жорий қилиб, саноат тараққиёти учун ҳисса қўшди. Клинтон сиёсатчи сифатида таълим, соғлиқни сақлаш, истеъмолчи ҳуқуқлари, экология масалаларига катта эътибор қаратган. 

1986-1987 йилларда Билл Клинтон АҚШ Губернаторлар миллий ассоциацияси раиси лавозимида фаолият олиб борган, бу эса унинг умуммиллий миқёсдаги сиёсатчига айланишига туртки бўлади. 

1992 йилда у Демократлар партиясидан АҚШ президентлиги сайловларида қатнашади ва республикачилар вакили тўнғич Жорж Буш ва мустақил номзод Росс Пероларни мағлубиятга учратади. 

1996 йилда Клинтон президентликнинг иккинчи муддатига ҳам қайта сайланади.

Клинтон президентлик қилган йилларида ижтимоий таъминот тизими қайта ислоҳ қилинади, ўқотар қуроллар сотуви чегараланади, экологик меъёрлар мустаҳкамланади. Клинтон ташқи сиёсат соҳасида халқаро зиддиятларни ҳал қилишда аввалги президентларнинг йўлини давом эттиради. 1993 йилда АҚШ кўмагида Исроил ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти ўртасида тинчлик шартномаси имзоланади, 1994 йилда эса - худди шундай шартнома Исроил ва Иордания ўртасида имзоланади. 1995 йилда АҚШнинг фаол иштироки ёрдамида Босния инқирозини ҳал қилиш бўйича шартномалар имзоланади. Билл Клинтоннинг президентлик йиллари давомида Америка иқтисодиётида ўсиш кузатилган, бу эса аҳоли фаровонлигини оширган. Мамлакат бюджети ўттиз йил мобайнида биринчи марта ортиғи билан бажарилди. Клинтон раҳбарлигидаги сўнгги йилларда ошкор бўлган можаро унинг нуфузига путур етказади - Оқ уйнинг ёш ходимаси Моника Левински президент билан шахсий алоқалари тўғрисида бонг уради. Билл Клинтон дастлаб буни инкор этдаи, аммо кейинчалик алоқаларни тан олишига тўғри келади. 1998 йилда унга қарши импичмент жараёни бошланади. Клинтон судга ёлғон кўрсатмалар беришда ва ҳақиқатни қарор топтиришга тўсқинлик қилгани учун айбланади, лекин сенат томонидан оқланади (1999). 

Президент лавозимини тарк этганидан сўнг Билл Клинтон ўзининг ижтимоий хайрия фондига (William J. Clinton Foundation, ҳозирда эса - Bill, Hillary & Chelsea Clinton Foundation) асос солади. Ушбу фонд соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва иқлимнинг глобал ўзгариши ва болаларнинг семириб кетиши муаммолари билан шуғулланади.

Клинтон ижтимоий тадбирлар ва хайрия ишларида фаол иштирок этади, бутун дунё бўйлаб оммавий тадбирларда чиқишлар қилади.

2004 йилда Клинтоннинг "Менинг ҳаётим" (My Life) номли китоби нашрдан чиқади ва у бестселлерга айланади.  

Собиқ президент мустақил сиёсий фаолиятини йўлга қўйган турмуш ўртоғи Ҳилларини қўллаб-қувватлайди. 2008 йилда Ҳиллари Клинтон АҚШ президентлигига номзодини қўяди, лекин кейинчалик Барак Обама фойдасига номзодини қайтариб олади. 

2009-2013 йилларда у АҚШ бош котиби лавозимида фаолият олиб боради. 

2016 йилнинг 27 июлида Ҳиллари Клинтон АҚШ президентлигига Демократлар партиясидан расмий номзод сифатида иштирок этади. Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонса, у АҚШнинг биринчи аёл президенти сифатида тарихда қолади.