Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида мамлакатга ташриф буюрган Вьетнам Миллий мажлисининг Фан, технологиялар ва атроф-муҳит масалалари қўмитасининг раиси Фан Суан Зунг раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. 

Учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини, уни янада ривожлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Вьетнам делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари ва фракциялари фаолияти билан таништирилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, фан, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашувини фаоллаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди. 

Вьетнам парламенти делегацияси Ўзбекистон билан парламентаризм, таълим, туризм ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этди.