Шимолия Корея ҳарбийлари Жанубий Корея билан чегара яқинидаги ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудудга миналар жойлаштирган. Ёнҳап агентлиги тарқатган хабарга кўра, Пхеньян расмийлари аскарлар Жанубий Корея ҳудудига қочиб кетмаслигини таъминлаш учун шундай чораларга қўл урган.

Ҳозирча бу хабар расмийлар томонидан тасдиқланмаган.

Агентликнинг қайд этишича, Шимол ва Жануб ўртасида 1950-1953 йилларда бўлиб ўтган Корея урушдан кейин тинчлик сулҳи имзоланганидан буён илк марта миналаш ҳолати кузатилмоқда. Жанубий Кореядагилар бу ҳаракатда КХДРга қарши олиб борилган "психологик уруш" самарасини кўришмоқда.

Жорий йилнинг март ойида Жанубий Корея Пхеньян билан чегарада 24 километр масофагача баланд овозли карнайларни жойлаштириб чиққан эди.

Агентликнинг қайд этишича, Пханмунджом туманидаги музокаралар нуқтасида ҳудудга мина жойлаб чиқиш ҳолатлари кузатилган.

Агентликнинг хабарида эслатилишича, Пхандмунжомдаги буфер ҳудудини миналаштириш 1953 йилда тузилган тинчлик сулҳига кўра тақиқланганди.

Жанубий Корея расмийлари ҳисоб-китобига кўра, Шимолий Корея шу йилнинг апрелидан бери чегарада 4 мингга яқин минани жойлаштиришга улгурган.