Тошкентда олимпиячиларни муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилмоқда

Спорт 23 Август 2016 18684

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзолари бугун соат 20-00да Тошкентга етиб келади. Уларни Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б. Усмонов Тошкент шаҳрида жойлашган барча олий таълим муассасалари ректорларига кутиб олиш маросимида талаба ёшлар (масъул этиб бириктириилган ўқитувчилар ҳамроҳлигида) иштирок этишини таъминлашни кўрсатма берган.

Кутиб олувчилар Тошкент шаҳрининг Нукус ва Ойбек кўчаларининг икки тарафида, ёрқин либосларда бир қатор бўлиб жойлашиши кўзда тутилган.

Делегациясини аэропортдан керакли манзилгача етказиш учун махсус тайёргарлик кўрилмоқда. Тошкентга буюртма орқали олиб келинган икки қаватли Higer автобуслари олимпиячиларни кутиб олишга шай ҳолатга келтирилмоқда.

«Sports.uz» нашри олимпиячиларни кутиб олишга тайёрланаётган автобуслар фотосуратларни тақдим қилди.

Эслатиб ўтамиз, Рио-2016 олимпиадасида ўзбекистонлик спортчилар тарихдаги энг яхши натижани кўрсатиб, 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза медалини қўлга киритишди ҳамда 207 делегация қатнашган олимпиаданинг умумий рейтингида 21-ўринни эгаллади. Бу МДҲ мамлакатлари ичида Россиядан кейинги иккинчи, Осиё мамлакатлари қаторида эса Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейинги тўртинчи натижа бўлди.

Кўпроқ янгиликлар