Қашқадарёда Толимаржон иссиқлик электр станциясининг қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.

Давлат раҳбарининг 2010 йил 14 июлдаги «Толимаржон ИЭСни ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган 2 та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш инвестицион лойиҳани амалга оширишдаги бирламчи чора тадбирлари тўғрисида”ги ва 2013 йил 7 мартдаги қарорлари асосида 2016 йил август ойида биринчи, декабрь ойида иккинчи энергоблокларни ишга тушириш белгиланган. Бош пудратчи Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering and Construction компанияси томонидан шу кунга қадар 313,92 миллион долларлик технологик жиҳозлар етказиб берилди. 1-БГҚнинг монтаж-созлаш ва мослаштириш ишлари ниҳоясига етди ва электр энергиясини тизимга узатишни бошлади.

Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда, «ПГУ-Тўпаланг» шуъба корхонасининг малакали мутахассислари билан бирга, Япония, Жанубий Корея, Франция каби ривожланган давлатлардан 500 га яқин ишчи-мутахассис иштирок этмоқда.

Толимаржон ИЭСда икки энергоблокнинг ишга туширилиши натижасида йилига қўшимча 7,2 миллиард киловат/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

2004 йил декабрида “Ўзбекэнерго” Толимаржон ИЭСда лойиҳа қуввати 800 МВтли биринчи энергоблокни ишга туширганди. Янги БГҚлар ишга туширилиши натижасида ИЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш 2,3 баравар ошиб, йилига 10,4 миллиард кВт соатга етади. Ҳозирда 2022 йилгача шундай қувватга эга яна иккита БГҚни қуриш лойиҳаси тайёрланмоқда, бу эса ИЭСда электр қуввати ишлаб чиқаришни йилига 20,4 миллиард кВт соатга етказади.