АҚШнинг халқ истеъмол маҳсулотларини синовдан ўтказишга ихтисослашган Consumer Reports нашри 2016 йилнинг энг яхши ва энг ёмон машиналари рўйхатини чоп этди. Рейтинг нашр муҳаррирлари ихтиёрида бўлган 70 тадан кўпроқ машинанинг синовдан ўтказилиши натижаларига кўра тузилди.  

Нашр мутахассислари 6 та автомобилни энг яхши машиналар деб топишди. Улар иккита немис модели (Audi Q7 ва BMW 7-Series), иккита япон модели (Honda Civic ва Toyota Prius), битта корейс (Kia Optima) ва битта америка моделидан (Lincoln MKX) иборат.

Ишончни оқлай олмаган машиналар 4 та моделдан иборат бўлди: булар Smart ForTwo, Chevrolet Spark, Nissan Sentra ва Toyota Tacoma.

Нашр май ойида охирги авлоддаги Toyota Prius нашр синовдан ўтказган барча машиналар ичида энг тежамкори эканлигини маълум қилганди. Мутахассислар машинани синовдан ўтказиш вақтида моделнинг ёқилғи сарфи 100 км йўлга 4,52 литрни ташкил қилишини ўрнатишган. Аввалги рекорд Honda Insight моделига тегишли бўлган, унинг натижаси 100 км га 4,61 литр ёқилғини ташкил қилган.