Рамзон Қодиров Путинни дзюдо бўйича машғулотларда иштирок этишга таклиф қилди

Жаҳон 26 Август 2016 16737

Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг республикага ташриф буюриш ва дзюдо бўйича машғулотларда иштирок этиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Путин ва Қодировнинг ишчи учрашуви 25 августда Кремлда ўтди. Учрашув давомида Путин Чеченистонда спортнинг ривожланаётганини қайд қилиб ўтди. Ҳозирда Чеченистонда Хабаровскда ўтадиган дзюдо бўйича Россия чемпионатига тайёгарчилик кетмоқда.

"Биз дзюдо ва спорт турларини ривожлантирмоқдамиз. Бу бизда устувор вазифадир. Умид қиламанки, республикамизга келиб, машғулотларимизда иштирок этасиз", деб айтди Қодиров Путинга.  

"Бажонидил бораман. Таклиф учун катта раҳмат", деб жавоб берган Путин Қодировнинг таклифига.

Жорий йилнинг 8 январида Путин Сочида дзюдо бўйича Россия терма жамоаси билан машғулот ўтказганди. Путин терма жамоа бош мураббийи Эцио Гамба билан отиш усулларини такрорлаган, 2012 йилги Олимпия чемпионлари Арсен Галстян, Мансур Исаев ва Тагир Хайбулаев билан татамига чиққан.

Путин 11 ёшидан бери шарқ яккакураш турлари билан шуғулланиб келади. Дзюдо ва самбо бўйича спорт устаси ҳисобланади. 2006 йилда Европа дзюдо иттифоқи фахрий президенти бўлган, 2010 йилда Жанубий Кореянинг Енин университетининг  "Дзюдо профессори" фахрий дипломи билан тақдирланган. 2014 йилда 8-дан – Кекусин-кан карате данини олган. 

Дзюдо бўйича Россия чемпионати 8-11 сентябрларда Хабаровскда бўлиб ўтади.

 

Кўпроқ янгиликлар