Франция ҳарбий-ҳаво кучларининг самолётлари Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудида патруллик қилишни бошлади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берган.

Франциянинг тўртта Mirage 2000 русумли қирувчиси Литванинг Зокняй авиабазасига йўлланган. Бу самолётлар НАТО аъзоларининг ҳамкорлик келишуви асосида кейинги 4 ой давомида Болтиқбўйида қолади. Франциялик учувчилар 4 ойдан буён ҳудудда патруллик қилиб келган Португалия ҲҲКнинг 4та F-16 Fighting Falcon русумли ҳарбий қирувчилари ўрнини эгаллаган.

Бундан ташқари, мамлакат шарқидаги Люксёй авиабазасига 100 кишидан иборат контингент йўлланган.

Болтиқбўйи мамлакатлари ўз ҳаво ҳудудини авиация орқали назорат қила олмайди. Шу сабабли 2004 йилдан буён НАТО аъзолари ҳар 4 ойда ўрин алмашиб, бу давлатларнинг ҳаво ҳудудида патруллик қилади.