Англия премьер лигаси клублари ёзги трансферлар даричаси вақтида футбол тарихида рекорд даражада маблағ сарфлади.

ВВС маълумотига кўра, Англия клублари 2015 йилдаги рекордни 114 миллион фунтга (134 млн евро) янгилади.

Энг қиммат трансфер «Ювентус» яримҳимоячиси Поль Погбанинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши бўлди - 105 млн евро. Бу трансфер футбол тарихидаги энг қиммат трансферга айланди.

Шунингдек, «Манчестер Сити» Жон Стоунзни «Эвертон»дан 55,6 млн еврога, «Арсенал» Гранит Чакани «Боруссия М»дан 40 млн еврога, Шкодран Мустафини «Валенсия»дан 41 млн евро эвазига, «Манчестер Юнайтед» Генрих Мхитарянни «Боруссия Д»дан 40 млн евро эвазига, «Челси» Миши Батшуайини «Марсель»дан 40 млн евро, Кантени «Лестер»дан 38 млн евро эвазига харид қилиб, энг йирик трансферларни амалга оширди.

Таққослаш учун, Испания чемпионатида ёзнинг энг қимматбаҳо хариди Андре Гомешнинг «Валенсия»дан «Барселона»га ўтиши бўлди (35 млн евро).

Германияда эса «Бавария» Матс Ҳуммельсни «Боруссия» Дортмунддан 38 млн евро эвазига, Ренату Санчешни «Бенфика»дан ҳам шунча миқдордаги маблағ эвазига сотиб олди.

Италиядаги энг қимматбаҳо трансферлар «Ювентус» ва «Интер» томонидан амалга оширилди. Туринликлар Гонсало Ҳигуаинни «Наполи»дан 90 млн евро эвазига, миланликлар Жоао Мариони «Спортинг»дан 45 млн евро эвазига сотиб олди.