Россия президенти Владимир Путин Bloomberg агентлигига берган интервьюсида Курил ороллари билан боғлиқ ҳудудий тортишувларни изоҳлаб, Россия «ҳудудларини сотмаслиги» билдирди.

«Гарчи Япония билан тинчлик шартномасига эришиш муҳим бўлса-да, биз ҳудудларимизни сотмаймиз. Биз япон ҳамкасбларимиз билан бу муаммонинг ечимини топишни жуда ҳам истардик», — дея Путин сўзларини келтирган Кремль сайти. 

У, шунингдек, Япония бош вазири Синдзо Абэ билан Владивостокда ўтказадиган учрашувида Курил масаласини муҳокама қилишини билдирди. 

Унинг таъкидлашича, расмий Москва бу муаммони ҳал этишни хоҳлайди. 

«Агар биз Япония билан Хитой каби ўзаро олий даражадаги ишончга эришсак, қандайдир келишувга эриша оламиз», — деган Путин агентликка. 

Бугунги кунда, Россия ва Япония ўртасида тинчлик шартномаси мавжуд эмас. Расмий Токио Курил оролларидаги Итуруп, Кунашир, Шикотан ва Хабомаи оролларига даъвогарлик қилади. У, 1855-йилдаги икки томонлама савдо ва чегаралар битимини асос қилмоқда. Москва қарашига кўра, жанубий Курил ороллари Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР таркибига кирган. Шунга мувофиқ, Россиянинг эгалиги борасида халқаро ҳуқуқ доирасида ҳеч қандай шубҳа йўқ.