Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча Ниғматулла Йўлдошевга Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирган.

"Мустақил Ўзбекистоннинг доимий етакчиси, жўшқин сиёсатчи, атоқли давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик", — дейилган Қирғизистон раҳбари сайтидаги таъзияномада.

Атамбаев Собиқ Иттифоқ давридан буён Ислом Каримов ўзини моҳир бошқарувчи ва омилкор ташкилотчи сифатида намоён этгани, Ўзбекистон мустақиллигининг илк даврида "мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланишида муҳим вазифаларни бажаргани, мамлакат ижтимоий--иқтисодий ривожланишда муваффақиятларга эришганини" қайд этиб ўтган.

"Ислом Абдуғаниевичнинг қирғиз-ўзбек ҳамкорлиги ўрнатилиши ва ривожланишида қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Унинг икки томонлама ва минтақавий масалаларни ҳал этиш бўйича тинимсиз олиб борган саъй-ҳаракатлари туфайли бу йўналишда ижобий силжишлар кузатилди. Бугунги кунда юзага келган энг жиддий ва қийин масалалар ҳал этилди", — деган Атамбаев.

Қирғизистон раҳбари "Ислом Абдуғаниевич ташаббуси билан йўлга қўйилган Қирғизистон ва Ўзбекистон дўстлик муносабатлари сақланиб қолиши ҳамда ривожланишига" ишонч билдирган.

Атамбаев шунингдек Ўзбекистон раҳбари рафиқаси Татьяна Каримовага, унинг фарзандлари ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдириб, 23 июнь куни Тошкентда ўтказилган ШҲТ саммити вақтидаги учрашувдан илиқ хотиралар қолганини қайд этиб ўтган.