Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон қардош ўзбек халқига ҳамдардлик билдириб телеграмма йўллади. Бу ҳақда президент сайтида маълум қилинган.

«Тожикистонда қардош ўзбек халқининг улкан йўқотиши - ҳурматли Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабар чуқур қайғу билан кутиб олинди», — дея қайд этилган таъзияномада.

«Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон тарихига етакчи давлат арбоби сифатида кирди, у мустақилликка эришган мамлакатнинг тараққиёти даври мазмун-моҳиятини белгилаб берди. Донишмандлиги ва узоқни кўра билиши билан у мамлакат ташқарисида ҳам кенг миқёсли сиёсатчи сифатида обрў-эътиборга эга бўлганди. Унинг ёрқин хотираси ҳамиша қалбимизда бўлади», дейилган телеграммада.

«Бу қайғули соатларда биз қардош ўзбек халқига, Ислом Абдуғаниевичнинг барча қариндошлари ҳамда яқинларига чуқур  ҳамдарлик билдирамиз», — дейилган таъзияномада.

Тожикистон раҳбари бошчилигидаги делегация дафн маросимида иштирок этиш учун Самарқандга йўл олади.