Бразилия федерал прокуратураси маҳаллий қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири Forjas Taurus фирмасига маҳсулотларини Яманга ноқонуний тарзда етказиб бериш айбини илгари сурди. Reuters агентлигининг хабар қилишича, шу мазмундаги айблов аризаси Риу-Гранди-ду-Сул штати судига тақдим этилган.

Гап, 8 минг дона ўқотар қурол, асосан пистолет ва милтиқлар ҳақида бормоқда. Тергов маълумотларига кўра, компания ишлаб чиқарган маҳсулотларини шарқий Африканинг Жибути давлатига етказиб берган. У ердан контрабандачи Фарес Муҳаммад Ҳасан Манаа Яманга олиб ўтган. 

Forjas Taurus компанияси вакиллари эса, айбловни рад этиб, Жибутидаги мижозлар охирги манзил ҳисобланганини таъкидлашмоқда. 

Маҳкама жараёнида, ўқотар қуролларни Африка давлатига етказиб бериш тўхтатилган.