Туркия жумҳурияти раҳбарияти, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан мамлакат раҳбарияти, халқи ва Президент оила аъзоларига ҳамдардлигини изҳор қилди.

Хусусан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим, Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли ва Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси собиқ раиси ва собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳикмат Четин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова номига таъзияномалар юбориб, Ўзбекистон раҳбарияти, халқи ва Ислом Каримовнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиришди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни дафн этиш маросимларида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг G20 саммити доирасида Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрганлиги ва Туркияда фавқулодда ҳолат жорий этилганлиги муносабати билан Туркия Республикаси номидан Бош вазир ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркеш бошчилигидаги делегация иштирок этди. Делегация аъзолари орасида Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Икки томонлама сиёсий алоқалар департаменти директори Шефик Вурал Алтай ва Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Намик Гюнер Эрпул ҳам бор эди.