Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2016 йилда 371 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шундан 29та умумтаълим маскани янгидан қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 239та мактаб қайтадан реконструкция қилинди, 103та билим маскани капитал таъмирланди. 

2016 йил Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 28та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлашга эътибор қаратилди. 200дан ортиқ умумтаълим мактабларида спорт заллари қурилиб, замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан таъминланди.

Шунингдек 1 220 умумтаълим мактабини компьютер синфи, интерактив электрон доскалар ва кондиционерлар билан жиҳозлашга эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 286та мактабгача таълим муассасаларини капитал реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, уларни мебель, асбоб-ускуналар, ўйинчоқлар ва техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.