Нидерландия бош вазири Марк Рюттенинг этник туркларга нисбатан айтган гаплари олий давлат лавозимини эгаллаб турган шахс учун муносиб эмас, дея таъриф берган Туркия ТИВ матбуот котиби Танжу Билгич.

«Нидерландия бош вазирининг этник турклар ҳақида айтганлари давлатнинг юқори лавозимини эгаллаб турган одамга мос келмайди. Европада истиқомат қилаётган ва Фатҳуллоҳ Гулен раҳбарлигидаги террорчилик оқим аъзоларини танқид қилаётган туркларнинг қарашини танқид қилиш Нидерландия ҳукуматининг терроризмни қўллаб-қувватлаётганидек тасаввур уйғотади ҳамда икки мамлакат дўстона ва иттифоқчилик алоқаларига зарар етказади», — дея Билгич сўзларини келтиради РИА Новости агентлиги. 

Матбуот котибининг қайд этишича, Нидерландия турклари ўзларининг қонуний ҳуқуқларидан фойдаланмоқда. Унинг сўзларига кўра, Рютте сўзлари уларнинг ижтимоий бирлашув жараёнига салбий таъсир кўрсатади. 

Аввалроқ, Рютте Туркиянинг Роттердамдаги дипломатик ваколатхонаси олдида турк ҳукумати ва фуқароларини қўллаб ўтказган тинч намойишига нисбатан кескин фикрлар билдирган эди. 

Акция иштирокчиси ва маҳаллий ОАВ ходими ўртасида юз берган тортишувни изоҳлаган Рютте этник турклар Нидерландия жамиятига қўшилиб кета олмаслиги сабаб, Туркияга қайтишса мақсадга мувофиқ эканини айтганди.