8 сентябрь куни Халқаро журналистлар бирдамлиги куни нишонланади. Ушбу сана 1958 йили Халқаро журналистлар ташкилоти конгресси қарорига кўра белгиланган. Айнан 8 сентябрь сифатида белгиланишига сабаб шуки, 1943 йил шу кунда фашистлар Берлинда чехословакиялик журналист ва адабий танқидчи Юлиус Фучикни қатл қилишган эди. Фучик қамоқхонада бўлган вақтида, "Дор остидан репортаж" китобини ёзганди. Айни китоби туфайли унга 1950 йили вафотидан сўнг, Халқаро тинчлик соврини топширилди. Ушбу китоб дунёнинг 70 тилига таржима қилинган. 

Бугунги кун журналистикаси дунёдаги энг хавфли касблардан бири бўлиб қолмоқда. Журналистлар дунёнинг деярли барча бурчакларида ўлимга олиб келувчи тахдидларга учрамоқда. 

Халқаро ноҳукумат ташкилоти – журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси CPJ маълумотларига кўра, 2015 йили сайёрамизнинг турли бурчакларида 73 нафар журналист ҳалок бўлган. 

Журналистлар учун энг таҳдидли ҳудуд сифатида Сурия қайд этилган. Ўтган йили бу ерда 14 киши киши ҳаёт билан видолашган. Бразилия ва Ироқда 6 нафар ОАВ ходими вафот этган. 

2016 йилнинг шу давригача 29 нафар журналист ҳалок бўлган.