Филиппин президент Родриго Дутерте давлат раҳбари лавозимига сайланганига кўп бўлмаганига қарамай, ўзининг сўконғич президент эканини бир неча бор намойиш этишга улгурди. У, ўтган ҳафтада Америка президенти Барак Обамани қаттиқ ҳақоратлаган бўлса, энди БМТ бош котиби Пан Ги Мун шахсиятига ҳужум уюштирди, деб хабар қилмоқда Франс Пресс агентлиги.

Аввалроқ, Дутерте АҚШ президенти Барак Обамани "фоҳишанинг ўғли" дея таҳқирлаган эди. 

9 сентябрь куни Дутертенинг айтишича, putangina иборасини жиддий қабул қилиш керак эмас. Президент фикрича, "бу барча қўллайдиган оддий сўз бирикмасидир". Дутерте бу ибора "фоҳишанинг ўғли" маъносини англатмаслигини айтиб, фикрининг исботи ўлароқ, иккита мисол келтирган. Шу билан бирга, унинг ҳақорати Обама шаънига эмас, Дутертенинг жиноятчиликка қарши кураш кампаниясида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарган АҚШ давлат департаментига қаратилганини қайд этган. 

"Менинг бундай таҳдидлардан жаҳлим чиқди... Бу АҚШ давлат департаментидаги аҳмоқларнинг айби", — дея Дутерте сўзларини келтиради Франс Пресс.

Дутерте 9 сентябрь куни Пан Ги Мунни ҳам ўзининг бисотидаги ҳақорат сўзлари билан сийлаб, уни "аҳмоқ" деб атаган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бузилишига оид баёноти Дутертега шундай салбий таъсир кўрсатган. 

"Мен ўзимга-ўзим  –ана яна битта аҳмоқ дедим. Мен жиноятчиларга қарши курашимни давом эттираман. Мен уларга ачинмайман", — деган Дутерте бош котиб ҳақида. 

"Мен тупурдим ҳаммасига. Мен Филиппин президентиман. Халқаро ҳамжамият республикасининг эмас", — дея қўшимча қилган Родриго Дутерте.