«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси яна 3та Boeing 787 Dreamliner русумли самолётини олишни режалаштирган. Бу ҳақда ўз манбасига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.

«Боинг – фуқаро самолётлари» компанияси президенти Рэймонд Коннернинг Ўзбекистонга 7 сентябрь куни амалга оширган ташрифи вақтида янги самолётлар харид қилиш бўйича музокаралар ўтказилган.

«Компания 3та янги самолёт сотиб олиш борасида дастлабки келишувга эга. Ўзбекистон миллий авиакомпаниясининг дастлабки иккита «орзу лайнер»лари 787-8 компоновкасида (туркум) бўлганди, янги самолётлар йўловчи ўриндиқлари сони кўпайтирилган 787-9 компоновкасида бўлади», — дейилган хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томони самолётларга бир қатор талабларни қўймоқчи. Анъанага кўра, бу тежамкор таснифида ўриндиқлар орасидаги масофанинг кенгроқ бўлиши, катталаштирилган экранлар ва яна бошқа қулайликлардан иборат бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 31 августида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўзининг илк «орзу лайнери»ни (246 йўловчига мўлжалланган - таҳр.) қабул қилганди. Бу лайнер аввалги Boeing 767 русумли самолёт билан солиштирганда Москвага 10 дақиқа тезроқ, Парижга эса 20-30 дақиқа тезроқ етиб боради.

Миллий авиакомпания янги самолётини 5 сентябридан бошлаб эксплуатация қила бошлади. Илк халқаро рейс эса 9 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига амалга оширилди.

Шу йилнинг ноябрь ойида авиакомпания парки иккинчи Boeing 787-8 Dreamliner самолётини қабул қилиб олади.

Янги самолётлар АҚШ ва Канада, Осиё, Африка ва Австралиядаги шаҳарларга парвозлар учун фойдаланилади.