АҚШ президенти лавозимига номзод Хиллари Клинтон 8 ноябрда сайловга келишга қарор қилган сайловчилар орасида ўз рақиби Дональд Трампни 2 фоизга ортда қолдирмоқда. Бундан New York Times нашри ва CBS News телеканали ўтказган сўровнома дарак бермоқда. Сўровнома натижалари 15 сентябрда чоп этилди.

Сайловчилар орасида Клинтон 46 фоиз овоз, Трамп эса 44 фоиз овоз тўпламоқда ва улар орасидаги фарқ сўровноманинг статистик хатолигидан (3) камроқни ташкил қилмоқда. Барча рўйхатдан ўтган сайловчилар орасида Клинтоннинг етакчилиги каттароқдир: 46 фоизга қарши 41 фоиз. Яна икки номзод – Либертариан партияси номзоди Гэри Жонсон 8 фоиз, "яшиллар" вакили Жилл Стейн 4 фоиз тўплаган. 

Сўралганлар иккала йирик партиядан ҳам норозилар. Трамп ёки Клинтонга овоз беришга тайёр бўлганлардан ярмидан сал кўпроғи уларни қатъий қўллаб-қувватлашларини айтишган, қолганлари эса ҳукумат тепасига "ўз" партияси рақибини қўймаслик учунгина овоз беришларини айтишган. 

Сўровномада 1443 нафар сайловчи иштирок этган.

Клинтон Трамп ўзининг номақбул нутқлари сабабли дашномларга учраётган вақтда июль-августдаги кўпчилик сўровномаларда анча катта фарқ билан етакчилик қилаётганди. Бироқ охирги ҳафталарда Клинтон ҳам муаммоларга дуч келмоқда. Аввал Клинтон Трамп тарафдорларининг ярмини қоралаганди, сўнгра ФҚБ Клинтоннинг электрон почтаси билан боғлиқ можаро ҳақида номақбул ҳисобот чоп этган.

Бундан ташқари, Клинтон нутқлари вақтида бир неча маротаба ўзини ёмон ҳис қилган ва бу унинг саломатлиги ёмонлиги ҳақидаги гапларга сабаб бўлган.