Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда парламент комиссияси аъзолари, ижтимоий шериклик субъектлари – ижроия ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
  
Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан молиявий кўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилда давлат ижтимоий буюртмаси тақдим этиш ва давлат грантлари ажратиш бўйича олтита танлов ўтказилди. Олий Мажлис хузуридаги жамоат фондининг ушбу  танловларида мингга яқин ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этиб, 27 миллиард 760 миллион сўмлик лойиҳалар тақдим этди.

Танловлар натижасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик 210 дан зиёд лойиҳа кўллаб-қувватланди. Уларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 миллиард 230 миллион сўм ажратилди. Шунингдек, давлат ижтимоий буюртмалари шаклида 2,3 миллиард сўмлик лойиҳалар бажарилмоқда.

– Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди давлат грантларининг бешинчи ва олтинчи танловлари натижаларини кўриб чиқдик, – дейди Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ботир Матмуродов. – Унга кўра, 55 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари ғолиб бўлди. Бу лойиҳалар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 350 миллион сўм миқдорида молиялаштирилади. 

Лойиҳалар доирасида жойлардаги давлат бошқаруви органлари билан   ижтимоий шерикликда “Ғояга қарши ғоя: жаҳолатга қарши  маърифат билан”, “Мен Ватанимни севаман”, “Жамиятда менинг ўрним бор” каби мавзуларда туркум тадбирлар ўтказилади.