15 сентябрь куни Бишкекда МДҲ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бошланди. Мажлисда Ўзбекистондан мамлакат ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов иштирок этди. 

Мажлис аввалида Қирғизистон ТИВ раҳбари Эрлан Абдилдаев Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. "Қирғизистон республикаси, ТИВдаги ҳамкасбларим ва шахсан ўзим номимдан Ўзбекистоннинг ташқи ишлар вазирига президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўз ҳамдардлигимни билдираман", - деди Абдилдаев. "Ислом Каримов қардош ўзбек халқининг ривожи ва бизнинг ташкилотимиз шаклланишига катта ҳиссасини қўшган", - дея таъкидлади у. 

Вазирлар учрашув доирасида МДҲ давлатлари раҳбарлари Кенгашида тақдим этиладиган ҳужжатларни мувофиқлаштиришади ва тайёрлашади. Ташқи ишлар вазирлари МДҲ мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама қилишади, долзарб халқаро масалалар бўйича фикр алмашишади. ТИВ Кенгашининг кун тартибида кўп томонлама ҳамкорликка йўналтирилган 16 масала қўйилган. 

Мажлиснинг асосий мавзуларидан бири - 2017-2019 йиллар учун терроризм билан курашда ҳамкорлик дастури. Бундан ташқари, вазирлар 2017-2018 йиллар учун гуманитар ҳамкорликка доир тадбирлар режасини тасдиқлашади. 

Шунингдек кун тартибида геодезия, картография ва кадастр соҳаларида ҳамкорлик қилиш ҳақидаги битим лойиҳаси имзоланиши кутилмоқда.