Россия мудофаа вазирлигининг Сурия бўйича расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётларининг суриялик ҳарбийлар позицияларига берган авиазарбасидан кейин ИШИД ҳужумга ўтганини маълум қилди.  

"Бугун Москва вақти билан соат 17.00 дан 17.50 гача Даур-аз-Зор аэродроми яқинида "ИШИДга қарши коалиция" самолётлари томонидан ИШИД террорчилик гуруҳи қуршовида бўлган Сурия ҳукумат қўшинлари бўлинмаларига 4 та авиазарба берилди. Ҳаво зарбаси берилгандан кейиноқ ИШИД ҳужумга ўтди", дейилмоқда хабарда.

Коалиция самолётлари Сурияга Ироқ томондан кирган. Зарба оқибатида 62 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, яна 100 га яқини ярадор бўлган.

"Агар бу зарба нишоннинг хато координаталари туфайли берилган бўлса, унда бу АҚШнинг Сурияда террорчилик гуруҳларига қарши ҳаракатларини Россия билан мувофиқлаштиришни қатъиян истамаётганининг бевосита оқибатини англатади", деб айтди Конашенков.

Маълум қилинишича, аэродром ҳудудида террорчилар билан қақшатқич жанглар кетмоқда.