Volkswagen концерни таркибига кирувчи Bentley ва Lamborghini автомобилсозлик компаниялари Париж автосалонида қатнашмайдиган бўлди. Моторшоу 1 октябрда очилади.

Иккала компаниянинг моторшоуда иштирок этмаслиги "Фольксваген"нинг "дизель можаросини" тартибга солиш бўйича харажатларни қоплаш учун маблағларни тежаш истаги билан боғланган.

Bentley’да ўз тадбирларини уюштиришга эътибор қаратилиши айтилди. Бу тадбирларда компания ўз маҳсулотини бевосита мижозларга намойиш қилади. Lamborghini ҳам харидорлар максимал кўп миқдорда бўладиган кўргазмаларда иштирок этмоқчи.

Аввалроқ Париж автосалонида Ford, Volvo, Aston Martin ва Rolls-Royce компаниялари иштирок этмаслиги маълум бўлганди. Бундан ташқари, Volkswagen кўп йиллардан бери биринчи марта анъанавий "Премьералар кечасини" ўтказмасликка қарор қилди. Бу тадбирда компания барча брендларидаги янги маҳсулотларини ОАВ вакиллари учун дастлабки намойишини ўтказади.