Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев соғлигида юзага келган муаммо туфайли қисқа муддатли таътилга чиқди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатган.

Хабарда у тиббий кўрикдан ўтиш учун таътилга чиққани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Алмазбек Атамбаев БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессиясида иштирок этиш мақсадида АҚШга парвоз қилган, Истанбулнинг Отатурк номидаги аэропортига қўнганида эса ўзини нохуш ҳис қила бошлаганди. 

Аэропортда у дастлабки кўрикдан ўтказилди ва унда «юрак билан боғлиқ муаммо симптомлари» аниқланди. Туркиялик шифокорлар Атамбаевга чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишни тавсия қилди.

У тахминан 1 октябрь куни ишга чиқиши айтилган.

«Президент бугундан бошлаб қисқа муддатли таътилга чиқди, бу пухта тиббий кўрикдан ўтиш зарурияти билан боғлиқ», — дейилган матбуот хизмати хабарида.

Юзага келган муаммо туфайли Қирғизистон президентининг Нью-Йоркка ишчи ташрифини бекор қилинди, у ерда у БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида умумий мунозараларда қатнашмоқчи эди.

Атамбаев буйруғига биноан БМТ кенгашида Қирғизистон делегациясига республика ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев бошчилик қилади.