Microsoft компанияси ҳанузгача телефон ишлаб чиқарувчи бўлимини Хитойнинг FIH Mobile компаниясига сотиш режаларига қарамасдан, Nokia бренди остида мобиль қурилмалар ишлаб чиқармоқда.

Компания яратган янги Nokia 216 телефони Ҳиндистонда октябрда пайдо бўлади. Телефонни бор-йўғи 37 долларга сотиб олиш мумкин бўлади, деб хабар бермоқда The Verge.

Арзон нархдаги телефон 2,4 дюймли QVGA-дисплей, 0,3 МПли олд ва орқа камералар билан жиҳозланади. Таъкидланишича, ишлаб чиқарувчилар телефонга ҳаттоки iPhone 7’да йўқ бўлган қулоқчинлар учун стандарт разъём қўшишган.

Журналистларнинг таъкидлашича, Microsoft’нинг оддий телефонларни ишлаб чиқаришни давом эттириш қарори равшандир: компания шундай ҳамёнбон телефонлардан ҳар ой миллионлаб дона сотмоқда. Ишлаб чиқарувчилар оддий мобиль телефонлар фойдаланувчилари Microsoft’да аккаунт очиб, экотизимнинг бир қисмига айланишларига умид қилмоқдалар.

Гапларга қараганда, компания декабрда Lumia смартфонларини сотишни тўхтатади. Бу қарор бир вақтлар оммавий бўлган бу телефонга қизиқиш сусайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Компаниянинг апрелдаги ҳисоботига кўра Lumia’нинг жаҳон бўйлаб савдоси 73 фоизга, смартфонлар сотишдан олинадиган даромади эса 46 фоизга тушиб кетган.