2016 йилнинг 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси ишида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Мувофиқлаштирувчи учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ сайти хабар берган.

Ўзбекистон томони ташқи сиёсат идоралари раҳбарларига 2016 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида, жумладан муҳокама қилинадиган масалалар ҳамда бўлажак форумнинг дастури ва бошқа амалий жиҳатлари тўғрисида маълумот берди.

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси 2016 йилнинг 18-19 октябрь кунларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Бундан олдинги хабарларда Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги давомида ташкилотга аъзо давлатларнинг илмий-техникавий, савдо ва инвестицион ҳамкорлигини ривожлантириш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашда жипслашиш, ҳамда ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтириш, хусусан Яқин Шарқда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаш устивор мақсадлар эканлигини билдиргани айтиб ўтилганди.

ИҲТ 1969 йилнинг сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун тузилган. 2011 йилга қадар ташкилот Ислом конференцияси ташкилоти деб номланган. ИҲТга 57та давлат аъзо ҳисобланади.