Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар, кўринишидан, АҚШ Олий бош қўмондони, президент Барак Обама буйруқларига бўйсунишга шошилишмаяпти. 

"АҚШ Олий бош қўмондони Барак Обама, мени ишонтиришларича, Россия билан ўзаро ҳамкорлик қилишни маъқуллаган, у буни президент Путин билан Хитойда ўтказган учрашувида шахсан тасдиқлади. Кўринишидан, ҳарбийлар Олий бош қўмондонга унчалик ҳам қулоқ осишмайди", — деган Лавров НТВ телеканали кўрсатувида.

Россиялик бош дипломатнинг ёдга олишича, БМТнинг Суриядаги гуманитар карвонига зарба берилишидан сўнг, расмий Москва жиддий суриштирув ишларини олиб боришни талаб қилганига қарамай, АҚШ давлат котиби Жон Керри "нима бўлгандаям Россия айбдор"лигини айтганди. 

"У ҳам таъзирини еган кўринади, Керри ҳам АҚШ ҳарбий машинасининг қаттиқ танқидига дуч келган", — деб қайд этган Лавров.