Британиялик актёр Бенедикт Камбербэтч “Шерлок” сериалининг якунига етиш эҳтимоли борлигини айтди. GQ журналига берган интервьюсида у яратувчилар лойиҳага “ҳеч қачон” демаслигини, лекин 4-фаслдан кейин унинг тақдири ноаниқлигини таъкидлади. 

“Тўғрисини айтганда, сериалнинг даври поёнига етаётганга ўхшайди. Биз тўлақонли, якунланган фильм яратдик, шу боис бироз вақт кузатамиз”, - деди актёр. 

Камбербэтч Шерлокнинг ролига қайтиш учун доим тайёр эканлиги ва бу образдан буткул воз кечиш ҳақида ўйлагиси келмаётганини қўшимча қилди. 

Бугунги кунга келиб, сериалнинг уч фасли экран юзини кўрди. Тўртинчи фасл премьераси 2017 йилнинг январига мўлжалланган. 

“Шерлок” телесериали 2010 йилнинг июль ойидан буён BBC One’дан эфирга узатилади. Ушбу сериал Россиянинг Биринчи каналида ҳам намойиш қилинади. Артур Конан-Дойл асаридаги воқеалар замонавий Лондонга кўчирилади. Камбербэтчдан ташқари бош ролларда Мартин Фримен (доктор Ватсон), Руперт Грейвс (инспектор Лестрейд), Эндрю Скотт (Мориарти) ва Уна Стаббс (Хадсон хоним) намоён бўлган. 2016 йилда “Шерлок”нинг махсус сони “Энг яхши телефильм” йўналишида Эмми мукофотини қўлга киритди.