Россия президенти Владимир Путин бугун Қозоғистон пойтахти Остонада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Томонлар икки давлат муносабатлари истиқболларини муҳокама қилишган.

Учрашувда Путин Россия ва Қозоғистон савдо муносабатларига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни камайтириш кераклигини айтиб ўтган.

“Биз бундай тўсиқларга қарши чора кўришимиз керак, ушбу салбий омилларни имкон қадар камайтиришимиз керак”, — деган у.

Учрашувдан кейин президентлар Россия ва Қозоғистоннинг йирик тадбиркорлари иштирокидаги бизнес форумда ҳозир бўлади.

Шундан сўнг, давлат раҳбарлари “Евроосиё ҳудудининг транспорт-логистика салоҳиятини кучайтириш” мавзусидаги XIII Россия ва Қозоғистон ҳудудлараро ҳамкорлик форумида иштирок этиши режалаштирилган.

Ушбу форумда қатнашаётган 900 кишидан 400 нафари Россия вакиллари бўлиб, Россия раҳбарининг фикрига кўра, шундай бизнес-форумлар ўтказиш икки мамлакат орасидаги савдо муносабатларига салбий таъсир кўрсатаётган тўсиқларни камайтиришига ёрдам беради.

Шунингдек, мамлакатлар орасида алоқалар ривожланмаган соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш, жумладан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳам назарда тутилган.

Форум қатнашчилари орасида – асосий вазирликлар раҳбарияти, Россия Федерацияси субъектлари раҳбарлари ва Қозоғистон вилоятлари раҳбарлари бор.