Россиянинг Сурия пойтахтидаги элчихонаси ҳужумга учради. Россия ТИВ Дамашқдаги элчихона миномётдан ўққа тутилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.

Ҳужум оқибатида элчихона ходимлари жабрлангани ҳақида хабар йўқ.

Миналардан бири элчихона олдидаги уйга келиб тушган. Россия ТИВ бу мина келтирган зарарни қоплаб беришга тайёрлигини билдирган.

Яна 2та мина элчихона рўпарасида портлаган.

ТИВ хабарига кўра, бу миналар Дамашқ яқинидаги Жобар шаҳридан отилган. Бу шаҳар "Жибҳот ан-Нусра" назоратида ҳисобланади.

Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси бундан аввал ҳам ҳужумлар туфайли фаолиятини тўхтатганди. 2015 йилнинг майида ҳам бинога миномётдан зарба берилганди. Россия ТИВ маълумотига кўра, ўшанда ҳам ҳужум Жобар туманидан йўлланганди. Шунингдек, Россия элчихонасига 2013 йилда ҳам ҳужум уюштирилган.