2 сентябрь куни Колумбияда ҳукуматнинг исёнкорлар билан имзоланган тинчлик битимига бағишланган референдум бўлиб ўтди. Колумбия қонунларига кўра, сайловчиларнинг 13 фоизи иштирок этган тақдирда ҳам овоз бериш жараёни ўтган ҳисобланади. Сайлов участкаларига овоз бериш хуқуқига эга бўлган 34,8 миллион кишидан 13 миллионга яқини келди. Уларнинг 49,77 фоизи тинчлик битимини қўллаб-қувватлади. Референдумда иштирок этганларнинг 50,23 фоизи эса битимга қарши чиқди.

Савол туғилади, нима учун Колумбия халқи 2 октябрда бўлиб ўтган референдумда тинчлик битимига қарши овоз берди. Референдумда сайловчилар “Колумбия Инқилобий Қуролли Кучлари - Халқ Армияси(FARC-EP) билан имзоланган битим шартларига розимисиз?”, деган саволга жавоб беришлари керак эди. Ярим асрдан кўпроқ давом этган фуқоролар урушидан чарчаган колумбияликларнинг бу битимни қўллаб-қувватлашларига ҳеч ким шубҳа қилмаган эди. Бироқ референдум натижалар барчани ҳайрон қолдирди.

Келинг, аввалламбор тарихга мурожаат қилайлик. Илк бор FARC ўзини 52 йил аввал кўрсата бошлаган эди. Ўшанда деҳқон ўғли, ёш партизан ва собиқ милиционер Педро Антонио Марин кичик отряд билан ўрмонзорга кириб кетган эди. Орадан кўп ўтмай юз кишига ҳам етмайдиган гуруҳ Жанубий Америкадаги энг йирик исёнкорлар гуруҳига айланди. “Мануэль Маруланда Велес” лақаби билан машҳур бўлган Педро Антонио Марин гуруҳга 2008 йилга қадар раҳбарлик қилди. АҚШ ҳукумати унинг боши учун беш миллион доллар мукофот пули ваъда қилган эди. Ярим аср мобайнида FARC партизанлар урушини олиб борар экан, ҳарбийлар ва полиция ходимлари, ҳукумат амалдорларини ўлдириш билан шуғулланиб келди. Шундай вақтлар ҳам бўлдики, улар мамлакатнинг ярмидан кўпроқ худудларини ўз назоратига олди. Ҳатто пойтахт — Богота шаҳрини қўлга олиш билан пўписа қилдилар. Вазият шу даражага етдики, армия ўрмондан паноҳ топган ва у ердан чиқишни истамаётган партизанларни йўқ қилишга қурби етмади. Шу тариқа Колумбия давлати ичида ўз мактаби, дўконлари, ҳукумат идоралари бўлган давлат пайдо бўлди. Давлат ичидаги давлат учун қурол керак эди. Бунинг учун эса пул зарур. Ўз мақсадига эришиш йўлида FARC гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига аралашиб қолди. 80-йилларда Колумбия кокаин етиштириш ва сотиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди. Бироқ FARC ўз обрўсини сақлаб қолиш мақсадида 1982 йилдан бошлаб наркобаронлардан узоқлаша бошлади. Улар даромадни коку сотишдан топишни афзал кўрди.

2000-йиллар бошида ҳокимиятга Альваро Урибе Велес келади. У ва унинг маслаҳатчилари партизанларга қарши техника ва аскарлар иштирокидаги кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш режаларидан воз кечади. Бунинг учун кичик махсус гуруҳлардан фойдаланилди. Партизанлар базалари вертолётлардан сепилган кимёвий моддалар ва зарбалар орқали йўқ қилинди. Партизанлар армияси XX аср сўнгги ва XXI аср бошларида бирин - кетин мағлубиятга учрай бошлайди. Шундан сўнг исёнкорлар ҳукумат билан музокоралар ўтказишга мажбур бўлди. Кўп йиллик музокарлардан сўнг, Куба раҳбари Раул Кастро воситачилигида Колумбия янги президенти Хуан Мануэль Сантос ва исёнкорлар раҳбари Тимошенко лақабли Родриго Лондоньо Эчеверри қўл сиқиб кўришдилар. Эришилган келишувга биноан FARC исёнкорлари қуролларини топширишга қарор қилди. Улар учун парламентда ўрин ажратилиши, жамиятга мослашишлари учун молиявий ёрдам берилиши ва дахлсизлик кафолати ваъда қилинди.

Мухбирларнинг хабар қилишича, 28 сентябрда имзоланган тинчлик битимини якшанба куни бўлиб ўтган референдумда уруш қамраб олган ҳудудлар ва пойтахт Богота аҳолиси қўллаб-қувватлаган бўлса, урушлардан телевизор орқали хабародор бўлган йирик шаҳарлар аҳолиси эса битимга қарши чиқишган. Тинчлик жараёнларига собиқ президент Альваро Урибе ҳам қарши чиқмоқда. У қўли қонга ботган исёнкорларнинг жавобгарликдан қутилиб қолишига ўз норозилигини билдирди.
Референдумнинг барбод бўлишига ҳукуматнинг ўзи ҳам айбдор экани айтилади. Чунки кўпчилик колумбияликлар Тинчлик Битимининг матнини ўқиб ҳам кўришмаган. Улар Альваро Урибенинг сўзларига ишонишган холос. Муаммо шу билан тугамайди. Маълумки, ҳукумат йиллар давомида исёнкорларни иблис сифатида таърифлаб келган. Оммавий ахборот воситаларида “FARC билан келишиб бўлмайди, муаммони фақат куч билан ҳал қилиш мумкин”, деган ғоя сингдирилган.

Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос битимга қарши чиққанлар билан мулоқот бошлаш ниятини билдирди. Бунинг учун махсус комиссия тузилди. Комиссия таркибига ташқи ишлар вазири Мария Анхела Ольгин ва мудофаа вазири Луис Карлос Вильегас ҳамда музокараларда ҳукумат томонидан вакил бўлган Умберто де ла Калье киритилди. “Мамлакат учун бирлик керак. Бизга анча зиён етказган жанжалларни, кўра олмасликни ва қутблашувларни ортда қолдиришимиз керак”, деди Сантос.

Сайловчилар Тинчлик битимини инкор қилганига қарамай, АҚШ Колумбиядаги тинчлик жараёнларини қўллаб-қувватлайверади. Бу хақда давлат департаменти расмий вакили Жон Кирби баёнот берди. Унинг айтишича, президент Хуан Мануэль Сантос, исёнкорлар раҳбари Родриго Лондоньо ва мухолифат раҳбари Альваро Урибе қарама-қаршиликларни мулоқотлар йўли билан ҳал қилишга розилик билдирган.

Лотин Америкасидаги олтита мамлакат референдум якунлари бўйича баёнот билан чиқди. Аргентина, Бразилия, Мексика, Парагвай, Уругвай ва Чили ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган баёнотда бўлиб ўтган референдум натижалари аввал эришилган тинчлик битимига салбий таъсир кўрсатмаслигига умид билдирилган.

Колумбияда якшанба куни бўлиб ўтган умуммилий референдум натижалари хуқуқий кучга эга эмас. Бу хақда Колумбия Инқилобий Қуролли кучлари раҳбари Родриго Лондоньо баёнот берди. БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Колумбия ҳукумати ва исёнкорларга мурожаат қилиб, тинчлик йўлида ҳамкорликни давом эттиришга чақирди. Шу билан бирга Пан Ги Мун маслаҳатлашувлар ўтказиш мақсадида ўзининг махсус вакили Жан Арнони Гаванага юборди.

Колумбия халқи тинчлик битимини инкор қилганидан сўнг вазият боши берк кўчага кириб қолди. FARC учун тинчликдан бошқа йўл қолмади. Эришилган битим доирасида улар ташкилотга аъзоларнинг, ўзларига хизмат қилаётганларнинг тўла рўйхатини хукуматга тақдим қилган. Шунингдек, исёнкорларнинг катта қисми қуролларини топшириб, тинч ҳаётга мослаша бошлади. Эндиликда тинчлик битимининг барбод бўлиши FARC учун ўзини ўзи ўлимга маҳкум қилишни англатади.

Ҳукумат ҳам ноқулай аҳволга тушиб қолди. Агар партизанлар таслим бўлмайдиган бўлса, у ҳолда исёнкорларни йўқ қилиш учун анча куч керак бўлади, қурбонлар сони ортади. Агар FARC билан эришилган тинчлик битими кучга кирадиган бўлса, бошқа исёнкорлар ҳам бундан ибрат олишига ишонч билдирилаётган эди. Шу сабабли ҳукумат ҳам, исёнкорлар ҳам битим барбод бўлмаслиги учун қўлдан келган ишларни қилишмоқда. Ҳам Сантос, ҳам Тимошенко Кубадаги музокаралар давом этиши хақида баёнот билан чиқишди. 

Шарофиддин Тўлаганов