Россия президенти Владимир Путин Франция пойтахти Парижга бориш режасидан воз кечган. Рейтер агентлиги Франция президенти маъмуриятидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, 19 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилган ушбу ташриф бекор қилингани ҳақида расмий Москва томони огоҳлантириш йўллаган.

Ҳозирча бу маълумот расман тасдиқланмади.

Шу тариқа, Москва томони французлар етакчиси Франсуа Олланднинг Сурия масаласини Парижда муҳокама қилиш бўйича таклифини рад қилган.

РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 6 октябрь куни франциялик ҳамкасби Жан-Марк Эйро билан Москвадаги учрашуви чоғида Путин 19 октябрь куни Францияга ишчи ташриф уюштириб,  Олланд билан Сурия ҳамда Украинадаги вазиятни муҳокама қилишига келишиб олганди.

8 октябрь куни Россия Франциянинг БМТ ХКда Ҳалабдаги ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияга вето қўйганди.

10 октябрь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Путиннинг Парижга ташрифига тайёргарлик кўриш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Ундан олдинроқ, Франция президенти Путин билан учрашув фойдали бўлишига шубҳа билдираётгани ҳақида хабар берилганди.