Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев келгуси ҳафтада халқаро анжуманларда иштирок эта олмайди. Президент матбуот котиби Айдос Укибайнинг сўзларига кўра, бунга давлат раҳбарининг шамоллаб қолгани сабаб бўлган.

11 октябрда Қозоғистон давлат раҳбари матбуот хизмати Назарбоевнинг шамоллагани туфайли даволаниш курсини ўтаётгани ҳақида хабар қилинган эди. 

"Давлат раҳбарининг кун тартибига бир неча тузатишлар киритилди, шунга кўра президент ҳафта охиригача халқаро анжуманларда қатнашишни режалаштирмаяпти. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Еревандаги йиғилишида Қозоғистон бош вазири иштирок этади", — деб ёзган Укибай президент матбуот хизматининг Facebook саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, кейинчалик президент одатдаги тартибда ўз ишини давом эттиради.