Facebook ижтимоий тармоғи Таиландда қирол Пхумипон Адульядет (Рама IX) вафоти туфайли рекламани ўчириб қўйди, деб хабар бермоқда CNN.

Қирол 89 ёшида Бангкокда вафот этди. Марҳум ўз ватанида илоҳий шахс мақомига эга бўлган ва тахтда 70 йил ўтирган.

Таъкидланишича, Facebook бутун бир давлат учун биринчи марта "реклама блэкаути"ни амалга оширмоқда, яъни рекаламани ўчириб қўймоқда. Ижтимоий тармоқнинг тушунтиришича, рекламанинг ўчирилиши мотам вақтидаги маданий удумдир.  

Ижтимоий тармоқ бошқа изоҳлар беришни истамади. Ижтимоий тармоқ хабарида таиландлик реклама берувчилар ўз рекламаларини Таиланд ташқарисида жойлаштира олишлари мумкинлиги айтилди.

Бошқа сайтлар ҳам ўз дизайнларига ўзгартириш киритишди, мисол учун, Google қидирув тизимининг Таиланддаги бош саҳифаси рангларини оқ ва қора-кулрангга ўзгартирди.

Маълум қилинишича, тахтни шаҳзода Маха Вачиралонгкорн эгаллайди.