АҚШ БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилотининг Қуддус шаҳрига нисбатан сўнгги резолюциясини "ўта сиёсий тус берилган ва аксилисроил" ҳамда самарасиз деб ҳисобламоқда. АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати вакили Марк Тонер Исроилнинг ЮНЕСКО билан ишчи алоқаларни музлатиш қарорига изоҳида шундай баёнот берган.

"Биз бу резолюцияга фаол қарши чиқдик. Биз Исроил ва бизни қўллаган бошқа давлатлар билан ЮНЕСКО аъзоларини бу резолюцияни қабул қилишдан қайтаришга уриндик, - деган Тонер. – Биз Исроилнинг шу каби резолюциялар борасида жиддий ташвишини изҳор қилиш ҳуқуқини эътироф этамиз. Бу резолюциялар жуда сиёсийлашган ва аксилисроил ҳисобланади".

Тонернинг қайд этишича, АҚШ ЮНЕСКО аъзоси сифатида "бу каби аксилисроил резолюциялар қабул қилинмаслиги ёки уларни тўсиб қўйишга уринишда давом этади". Унинг фикрича, "бу каби ҳужжатлар исроил-фаластин можаросини ҳал этишга тўсқинлик қилади".

Аввалроқ, 14 октябрь куни Исроил ҳукумати ЮНЕСКО ташкилоти билан барча амалий алоқаларни музлатишга қарор қилган эди. Бунга, ташкилотнинг Қуддус мақомини таъминлаш борасида ўз мажбуриятларини бажармаётган Исроил давлати танқид қилинган ҳужжат лойиҳаси маъқулланиши сабаб бўлди. 

Миср ва Фаластин давлати томонидан ишлаб чиқилган резолюция ташкилот Ижроия қўмитаси томонидан қабул қилинган бўлиб, унда Исроил давлати "босиб олган томон" дея аталган. Шунингдек, унинг Қуддус шаҳри тарихий меросини сақлашдаги самарасиз ёндашуви танқид қилинган.