АҚШ президентлиги учун Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп Ҳиллари Клинтон тарафдорларини республикачиларнинг бош қароргоҳига ҳужум қилганликда айблади. Трамп партиянинг Шимолий Каролина штати Оранж округидаги биносига ҳужум қилинганига оид хабарларга шундай муносабат билдирган. 

Унинг сўзларига кўра, ҳозирча республикачилар партияси президентлик пойгасида олдинда бораётганлиги туфайли мазкур жиноят содир этилган. 

«Ҳиллари Клинтон ва Шимолий Каролинадаги демократларни намоён этувчи ҳайвонлар, ҳозиргина Оранж округидаги қароргоҳимизга ёнувчи аралашмали шиша идишларни улоқтиришган, чунки биз ғалаба қозонмоқдамиз», — деб ёзган миллиардер Твиттер саҳифасида.

Бундан аввалроқ, АҚШ президентлиги учун Демократлар партияси номзоди Ҳиллари Клинтон номаълум кимсаларнинг Шимолий Каролина штатида республикачилар қароргоҳига ҳужум қилганини қоралаган эди.