Бугун - Самарқанд шаҳри куни

Ўзбекистон 18 Октябрь 2016 9473
Фото: Instagram/nozimnizomovich

Ҳар йили 18 октябрь куни бўлиб ўтадиган Самарқанд куни бу йил йигирманчи марта нишонланмоқда.

Шаҳар куни арафасида Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат марказидаги "Эсперанто" халқаро дўстлик тўгараги фаоллари "Самарқанд ҳақида сўз" деб номланган халқаро мактублар кунини ташкил этишди. 

Эсперанточилар ушбу тадбирга Самарқанд уларнинг ҳаётида у ёки бу тарзда из қолдирган барчани таклиф этишди ва шаҳарга ўз тилакларини изҳор этишларини сўрашган.

Акция қатнашчилари шаҳар ҳақида ҳикоялар, шеърлар, қўшиқлар ва ўз таассуротларини йўллашган.

Шаҳар ва шаҳарликларни қутлаб битилган мактублар Грузия, Чехия, Буюк Британия, Россия, Хитой, Бангладеш, Франция, Испания, Тайван ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келмоқда.

"Бунга анча бўлган бўлса-да, Ўзбекистонга ва Самарқандга келганимда ҳайратда қолганлигимни ҳозиргача кечагидек эслайман. Шаҳар ҳақида гид менга кўп нарсаларни ҳикоя қилиб берганди. Грузияга қайтганимдан сўнг Самарқанд ҳақидаги кўплаб китобларни ўқиб чиқдим. "Самарқандга қасида" шеърини грузин тилига ўгириш имкониятини қўлга киритганимда эса ўзимни яна бир марта бахтли ҳис қилдим", — деб ёзган Грузиянинг Рустави шаҳридан Галина Дугашвили.

"Мен Самарқандга узоқ 1975 йилда Чехияда социализм ҳукм сурган даврда келганман. Ҳар сафар мен бу гўзал суратни – Регистон майдонидаги мовий мадрасани кўрганимда хаёлимда ўша саёҳатим жонланади", дея эслайди Либа Габальда.

Ушбу байрам нишонланишининг ташаббускори Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бўлган. 20 йил олдин шу куни шаҳарга Амир Темур ордени топширилди. Шундан буён ҳар йили бу сана кенг нишонлаб келинмоқда.

Шаҳардаги Регистон мажмуаси, Амир Темур, Бибихоним, Оқсарой, Руҳобод мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Ҳазрати Хизр, Бибихоним масжидларида таъмирлаш ва реконструксия ишлари бажарилди. Улар атрофи ободлаштирилиб, янги боғ ва хиёбонлар ташкил этилди. ЮНЕСКОнинг 2001 йил Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Самарқанддаги мазкур меъморий-тарихий ёдгорликлар ва бошқа обидалар Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 3 шаҳарча, 219 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. 88 умумтаълим мактаби, қирқта академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, еттита олий ўқув юртида ёшлар замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиб, касб-ҳунар эгалламоқда.

1997 йилдан буён Самарқанд шаҳри дунё миқёсидаги йирик санъат анжумани - “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига мезбонлик қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар