2016 йилнинг 17 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида бўлиб турган Покистон Ислом Республикаси делегацияси раҳбари, Покистоннинг ташқи ишлар бўйича давлат вазири, Бош вазирнинг махсус ёрдамчиси Саид Ториқ Фотимий билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг амалий масалалари, жумладан 2015 йилнинг ноябрь ойида Покистон Бош вазири Навоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ва олий даражадаги музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида 18 октябр куни очиладиган ИҲТ ТИВКнинг 43-сессияси кун тартибига киритилган масалалар ҳамда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда Покистон Элчиси Риаз Ҳуссайн Бухари иштирок этди.