Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова бир қатор ғарб давлатларининг Суриянинг Ҳалаб шаҳри бўйича иккиюзламачилик қилаётганини айтди. Захарова фейсбукдаги саҳифасида "Ҳалабдаги гуманитар фалокат учун жазавага тушганлар гуманитар карвонлар йўлини тўсаётган террорчиларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда", деб ёзди.

"Билишади, индашмайди ва ҳеч нарса қилишмайди. "Жибҳат ан-Нусра"ни боқиш ва даволаш ҳамда террорчилар тинч аҳолига озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилишига тўсқинлик қилаётганини кузатиб ўтириш ва шу билан бирга БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашида Ҳалабдаги гуманитар фалокат учун Россияни айблаш пасткашлик ва сурбетликдир", деб айтди Захарова.

Аввалроқ Россия қуролли кучлари бош штабида Сурияда террорчилар Ҳалабдан аҳоли ва таслим бўлган жангариларнинг чиқишига йўл қўймаслик учун барча ишни қилаётгани маълум қилинганди. Россия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, гуманитар коридорлар ҳамон террорчилар томонидан тўсилган, коридорларга миномёт ва реактив тизимлардан ўт очилмоқда.