Samsung компанияси янги Galaxy S8 смартфони устидаги ишни икки ҳафтага тўхтатди. Бу компания муҳандислари Galaxy Note 7’нинг қизиб кетиши сабабини аниқлашга уринаётганлари билан боғланган. Смартфонларнинг қизиб кетиши уларнинг портлашига олиб келган. Бу ҳақда The Wall Street Journal ёзмоқда.

Ҳозиргача муҳандисларда бу носозликка нима сабаб бўлгани борасида жавоб йўқ. Мутахассислар бунинг турли сабабларини – мос келмаган дастурий таъминотдан бошлаб аккумулятор сиғимининг жуда кичиклигигача бўлган вариантларни кўриб чиқишмоқда.

Сентябрь бошида компания носозлик бартараф этилганини маълум қилиб, аввал сотиб олинган телефонларни созларига алмаштириб беришни бошлаганди. Бироқ бундан кейин ҳам портлаш ҳолатлари давом этаверган. Шу сабабли Samsung компанияси Galaxy Note 7’ларни ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлган ва барча харидорларга қурилмадан фойдаланмасликни тавсия қилган.