26 октябрь куни «Бунёдкор» телемажмуасида германиялик мустақил журналист Биргит Ветцель иштирокида халқаро тажрибани ўрганишга бағишланган семинар-тренинг ёпилиши бўлиб ўтди. 

ЎзЭОАВМА ва Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотларда иштирокчилар тўрт кун давомида германиялик мутахассис иштирокида эфирни янги креатив эшиттиришлар билан тўлдириш, ахборот узатишнинг ностандарт усуллари билан танишишди. Семинар-тренингнинг якунида иштирокчилар томонидан “Сайлов кундалиги” кунлик махсус дастурининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Тадбир якунида Биргит хоним бу галги семинар-тренинглар аввалгиларга қараганда анча қизиқарли ва самарали бўлганини алоҳида таъкидлади ва қўйидагиларни айтиб ўтди:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини ёритишда  халқаро тажрибани ўрганишга бағишланган мазкур машғулотларда биз ўз олдимизга қўйган вазифаларни тўлиқ уддалай олдик, деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, машғулотлар давомида тўпланган тажриба асосида сиз ушбу яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий жараённи муваффақияли ўтказасиз. Муҳими, сизда бунинг учун етарли барча шарт-шароитлар яратилган. Сиздан талаб этиладигани чин дилдан меҳнат ва ўз тажрибангизни ишлата билишдир".