“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ташкил этилганига бир йил тўлди

Жамият 28 Октябрь 2016 3444
Фото: uzpse.uz

Ўзбекистон дунёда пахта толасини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мустақиллик йилларида пахта саноатини ривожлантириш, хом ашё етиштириш ҳажмини ошириш ва сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш борасида оқилона сиёсат олиб борилаётгани мамлакатимиз пахта бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашида муҳим омил бўлди, албатта.

Натижада Ўзбекистон ишончли ҳамда барқарор равишда пахта толаси ишлаб чиқарувчи давлатга айланди, жаҳон бозорида нарх ўзгаришларига қарамасдан, ўзининг юқори сифати билан ажралиб турувчи пахтани етказиб бериш кафолатланган ҳамкор мамлакат сифатида дунёга танилди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунё мамлакатлари орасида 6-ўринда, пахта толаси экспорти бўйича эса 5-ўринда туради. Бу мамлакатда соҳани тубдан ислоҳ қилиш, янги технологияларни жалб қилиш, пахтанинг янги навларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг амалий ифодаси, дейиш  мумкин.

Айтиш керакки, 2015 йил октябрь ойида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ташкил этилиши соҳани янада равнақ топтириш, бозор муносабатлари ва корпоратив бошқарув усулларини такомиллаштиришда мустаҳкам қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Компания зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган бир йил мобайнида миқёси ва кўлами жиҳатидан катта ишларни амалга оширишга эришди. Пахта бозори конъюнктурасида тизимли маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, ишни комплекс ташкил қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш, пахта хомашёсини фермер хўжаликларидан қабул қилиб олиш ҳамда қайта ишлаш, унинг ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва сифат кўрсаткичларини такомиллаштириш, маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтириш, саноатни янада ривожлантириш учун инвестицияларни кенг жалб этиш, савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва экспорт географиясини кенгайтириш шулар сирасига киради.

Бу вазифаларнинг ижросида, айтиш жоизки, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси таркибидаги пахтани қабул қилиш ва қайта ишлашга йўналтирилган “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти, пахта толасини сақлаш ва сотиш билан шуғулланувчи “Ўзпахтаэкспорт” акциядорлик жамияти, чигитни қайта ишлаш ва пахта ёғини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти ҳамда муҳандислик ва технология, саноат учун инновацион ечимлар ишлаб чиқишга йўналтирилган “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор.

Бугунги кунда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси  юқорида қайд этилган мақсадлардан келиб чиқиб, яқин истиқболда бир қатор муҳим масалаларнинг ечимини топиш чораларини  кўрмоқда. Аввало, танланган ғўза навларини экиш тизимини янада такомиллаштириш ҳисобига толанинг сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса, жаҳон пахта бозорида долзарб саналган бирламчи пахтани қайта ишлашда унинг ифлослигини камайтириш ва ташқи кўринишини халқаро стандарт талабларига мослигини таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда.

Шу мақсадда саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган гидравлик прессларни замонавийларига алмаштириш, мавжуд корхоналарда ISO 9001 стандартларини жорий этиш орқали пахта ва ёғ-мой маҳсулотлари сифат менежменти тизимини такомиллаштириш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Соҳа корхоналарини модернизация қилиш бўйича умумий қиймати қарийб 25 млн.долл. бўлган 26 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга асосан бу йилда 11 та пахта тозалаш ва 23 та ёғ-мой корхоналари модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланмоқда.

Шу билан бир қаторда соҳада маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича бир неча лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ёғ-мой корхоналарига келтирилаётган техник пахта чигити сифатини назорат қилиш учун “Сифат-чигит” маркази ташкил этилиб, замонавий, юқори аниқликдаги ускуналар билан жиҳозланди.

Тизимда кадрлар таркибини мустаҳкамлаш ва малакасини оширишга ҳам катта эътибор берилмоқда. Соҳани барча муҳим йўналишлари бўйича «Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамиятининг махсус дастурлари асосида мутахассисларнинг малакаси мунтазам равишда ошириб борилмоқда.

Соҳада комплекс тарзда қайта ишлашни компьютерлаштириш, тайёр маҳсулот олиш, молиявий ҳисоб-китобни таъминлаш, ишлаб чиқариш технологик фаолиятини тезкор назорат қилиш ва кенг қамровли интеграциялашган ахборот тизимини йўлга қўйиш мақсадида пахта хом-ашёсини қабул қилишдан бошлаб, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосидаги электрон ҳисобот ва назорат тизими шакллантирилмоқда.

Янги мавсумда пахта хом ашёсини қабул қилиш ва ҳисоб тизимини янада такомиллаштириш мақсадида республикадаги барча пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида электрон тарозилар ўрнатиш ишлари якунланди. Электрон тарозиларда пахта хомашёси тўғри ўлчангани эса ўз навбатида видеокузатув камералари орқали корхона ва филиалнинг тегишли бўлимлари орқали назорат қилиб борилади. Бу ўз навбатида фермер хўжаликлари ва улардан пахта хом ашёсини қабул қилувчи корхоналар билан муносабатларида шаффофликни таъминламоқда. Мазкур маълумотлар филиалларда жамланиб, «онлайн» тизимида ҳар бир пахта тайёрлов маскани, пахта тозалаш корхонаси ва ҳар бир туман ёки вилоят бўйича қанча пахта қабул қилиб олингани ва ташилганини холдинг компания марказий аппаратидан туриб назорат қилиб бориш имконияти яратилди.

Қолаверса, бу йилги пахта ҳосилига пухта тайёргарлик кўриш, фермер хўжаликлари, таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳамда пахта тозалаш корхоналари ўртасидаги ҳисоб-китоб ва тўлов тизимини янгидан тартибга келтириш, соддалаштириш, шаффофлигини таъминлаш, хўжаликларнинг пахта майдонларида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши устидан доимий мониторинг тизимини мукаммаллаштириш, агротехник тадбирлар учун ажратилаётган моддий ресурслардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишни назоратга олиш мақсадида янги тизим йўлга қўйилди.

Аввалги йиллардаги тажрибалар инобатга олиниб, “Ўзпахтаэкспорт” АЖ томонидан ўзбек пахта толасининг рақобатбардошлигини ошириш учун уни қайта ишлаш технологиясини, тойларнинг ташқи кўринишини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда. Халқаро стандарт талабларига мос келадиган ўраш тизимини, ПЭТ-лента, полиэтиленли ва юмшоқ трикотаж контейнерлардан фойдаланган холда, тойларни ўрашнинг янги тизимларини жорий этишга устувор аҳамият қаратилган.

Чунончи, пахта заводларида ишлаб чиқарилаётган толанинг сифатини аниқлаш, терминалларда пахтани қабул қилиш ва жўнатишда дастлабки мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳар бир терминалда пахта толасининг сифати ва миқдорини назорат қилувчи лабораториялар ташкил қилинган бўлса, истиқболда логистика тизимини такомиллаштириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва йўлакларини кенгайтириш мўлжалланмоқда. Пахта толасини ички ва ташқи истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш тизими йўлга қўйилди.

Хабарингиз бор, 2005 йилда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ташкил этилган эди. Бугунги кунга келиб, у дунё иқтисодий ҳаётидаги муҳим тадбирлардан бирига айланиб улгурди. Айниқса, ушбу тадбир пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотларини сотиш бўйича бозор механизмларини янада ривожлантириш, ўзбекистонлик ҳамда хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга кўмаклашаётгани диққатга сазовордир. 

Бу йилги XII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказиш Президент қарорига мувофиқ, илк бор “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси зиммасига юклатилди. Айтиш керакки, 12–13 октябрь кунлари ўтказилган ярмарка ва унинг доирасидаги барча тадбирлар юксак савияда ташкил этилди.

Жаҳоннинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан келган 1000 дан зиёд вакиллар иштирок этган ярмарка доирасида Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита, Халқаро тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари федерацияси, “Cotton Outlook” агентлиги ва бошқа кўплаб нуфузли ташкилотлар томонидан конференциялар уюштирилди. Тадбир қатнашчилари икки кун давомида бўлиб ўтган анжуман ва давра суҳбатларида жаҳон пахта бозорининг бугунги ҳолати ва унинг истиқболларини муҳокама қилиш баробарида, Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишишдилар, биржа савдоларида иштирок этиш, юқори сифатли ўзбек пахта толаси ва ундан тайёрланган рақобатдош тўқимачилик маҳсулотларининг олди-сотдиси бўйича тўғридан-тўғри савдо битимлари тузиш имконига эга бўлдилар.

Бу йилги ярмаркада жами 550 минг тонна ўзбек пахта толасини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилди. Шунингдек, юртимизмизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича МДҲнинг 7 та мамлакати, Европа иттифоқи давлатлари, Туркия, Корея Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари, Бангладеш ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келган сотиб олувчилари билан 1 миллиард 322 миллион долларлик шартномалар тузилди.

Унда иштирок этган чет эллик ҳамкорлар юртимизда пахтачилик соҳасини ривожлантиришнинг ягона сиёсатини олиб борувчи компаниямизнинг тузилгани билан табриклаб, уни жаҳон бозорида юз бераётган ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда узоқни кўзлаб ташланган янги қадам сифатида ижобий баҳоладилар. Шунингдек, бу йилги ярмаркага юқори баҳо бердилар.

“Айниқса, бу қарор нақадар тўғри бўлганини юқори савияда ташкил қилинган бу йилги ярмарка мисолида кўриш мумкин. Тадбир қатнашчилар учун ҳар томонлама фойдали ва самарали бўлди. “Котлук” Ўзбекистоннинг пахтачилик соҳаси ривожини юксак даражада қўллаб-қувватлашда давом этади ва келгусидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкам бўлишидан умидвор. Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай юксак даражадаги ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун Ўзбекистон ҳукуматига, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва бошқа барча мутасадди ташкилотларга миннатдорлик билдирамиз”, деди “Cotton Outlook” агентлиги бошқарувчи директори Р.Батлер. 

XII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасиярмарка ўзбек пахта толасининг нуфузини янада оширишга, шунингдек компаниямизнинг жаҳон пахта бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим тадбир бўлди.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси раҳбарияти тизимда меҳнат қилаётган барча ходимларни компания ташкил этилганининг 1 йиллиги билан қизғин муборакбод этади. Барчаларига мустаҳкам соғлик, оилавий тотувлик ва белгиланган вазифалар ижроси йўлида собитқадамлик ҳамда ғайрат тилайди!

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси
Матбуот хизмати

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 53747 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 69324 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 36487 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 20997 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 79591 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 61409 Жамият
«Раҳбарларимиз ишончини оқлаб ишлашда давом этаман». Фарғоналик мудира барчасини рад этди
Терракота армияси яратилиши сири очилди
22:33 1047 Жаҳон
НАСА АҚШни Йеллоустон супервулқонидан ҳимоя қилиш йўлини ўйлаб топди
22:22 688 Жаҳон
Бекободда сайёр қабул: ўн мингга яқин мурожаат жойида кўриб чиқилди
22:01 502 Жамият
Кўпроқ янгиликлар